Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича Mirzo Ulugbek Innovation Center Инновацион маркази 25 августдан резидент бўлишни истаганлардан аризаларни қабул қилишни бошлади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар қилди.

Аризалар расмий сайт, шунингдек шахсий ташриф ёки почта орқали қабул қилинмоқда. Резидентларга қўйилган талаблар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотлар сайтда эълон қилинган.

Mirzo Ulugbek Innovation Center дирекцияси Ўзбекистон IT-компанияларини лойиҳада иштирок этишга таклиф этмоқда. «Биз ҳамкорлик учун очиқмиз», — дейилади марказ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, инновацион марказ резидентлари 2028 йил 1 январга қадар солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинган. Резидент ишчилар учун даромадлар жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган қайд қилинган ставка бўйича 7,5 фоиз солиқ ундирилиши, Пенсия жамғармасига 4,5 фоиз ставка бўйича суғурта бадаллари тўлашлари кўзда тутилган.