Тошкентдаги барча нотариал идоралар 11 октябрдан бошлаб кўчмас мулк объектларини сотиш, алмаштириш ва совға қилиш бўйича шартномаларни тузишда маълумотларни маҳкамалараро электрон алоқа йўли билан Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан олади.
«Бугундан бошлаб кўчмас мулкларни сотиш ва сотиб олиш, алмаштириш, совға қилиш учун Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бошқармаси томонидан қоғоз кўринишидаги маълумотномаларнинг берилиши тўлиқ бекор қилинади», — дея хабар қилди пойтахт Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси «Газета.uz"га.
Бошқарма сайтида хабар қилинишича, маҳкамалараро қоғозсиз алоқанинг жорий этилиши кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларда шартномаларни тузиш механизмларини соддалаштириш билан бир қаторда, кўчмас мулк бозорида ноқонуний ўртакашлик тузилмалари фаолиятини чеклайди.
Сўнгги ойларда нотариал идораларга солиқ ва коммунал қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ахборотларни электрон кўринишда олиш имконияти яратилди. Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда кўчмас мулк бўйича шартномаларни расмийлаштиришда фақатгина прописка қилинганлар сони тўғрисидаги маълумотнома (№17 шакл) талаб қилинмоқда. Хусусий уйлар билан боғлиқ шартномаларда эса газ бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома сўралмоқда, бироқ яқин вақтларда у ҳам бекор қилинади.
Нотариал идоралар учун «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 27 февралдаги қарори билан ишга туширилмоқда. Режага кўра, тизим Тошкентда 1 июлдан, бутун мамлакат ҳудудида эса 2018 йил 1 июлидан ишга туширилиши лозим.