Ўзбекистон ўз ёндашувларини жиддий мақбуллаштириш ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Сочи бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида маълум қилди.
«МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш „майдони“ эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилдик. Шунингдек, биз МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокимизни қайта тикладик, деди Президент.
«Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
«Бу борадаги биринчи қадам сифатида 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади. Сизлар қўллаб-қувватласангиз, биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз», — деди у.
Ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликнинг янги шаклларини топиш зарурлиги тўғрисида сўзлар экан, Президент қуйидаги мулоҳазаларни билдирди: «Бугун ҳаётнинг ўзи эскича ёндашувлар самарасиз эканини яққол тасдиқламоқда. Асосий эътиборни конструктив амалий ҳамкорликка қаратиш лозим. Биз шиддат билан олдинга қараб ҳаракат қилишимиз зарур».
Шавкат Мирзиёев МДҲда Ўзбекистон иштирокининг қуйидаги устувор йўналишларини алоҳида таъкидлаб ўтди: Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш, самарали интеграциялашган транспорт тизимини ривожлантириш, амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтириш, туризм соҳасида салоҳиятларни тўлиқ ишга солиш, ҳарбий-техник соҳадаги кооперация даражасини ошириш, шунингдек жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши муросасиз курашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш.
«Афғонистондаги мураккаб вазият жиддийлигича қолмоқда. Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдиради», — деди Шавкат Мирзиёев.
У Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этиб ўтди. «Бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслигимиз лозим». Президент ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда «Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.