Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга давлат ташрифи доирасида пайшанба куни Истанбулга ташриф буюрди. ЎзА хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Туркия бош вазири Бинали Йилдиримни қабул қилди. Шундан сўнг у икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев турк компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги фикрлари билан қизиқди. Туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Валюта бозори эркинлаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулайликлар яратгани таъкидланди.

Учрашувда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Тошкентда Туркия бизнес маркази очилиши маълум қилинди.

Шу куни Истанбулда Ўзбек-турк бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлар, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноатда ишлаб чиқариш ҳамда логистика марказлари соҳаларида умумий қиймати 3,5 млрд долларлик 30 дан зиёд ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев яқин вақтларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажмини йилига 3−4 млрд долларга етказиш (2016 йилда — 1,2 доллар) бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.