Давлат статистика қўмитаси 2020 йилда Ўзбекистон аҳолисини рўйхатга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишида қўмита раиси Баҳодир Бегалов маълум қилди. сўнгги марта республикада аҳоли 1989 йилда рўйхатга олинган эди.
«Бутун дунёда 2020 йилда рўйхатга олиш мўлжалланмоқда. Биз ушбу йўналишда ишлаяпмиз. Бу меҳнат талаб қилувчи ва етарлича қиммат жараён. Хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатнинг ҳар бир фуқаросини рўйхатга олиш жараёни 3-4 АҚШ долларини талаб қилади. Рўйхатга олишни бошлашдан аввал унинг қанчалик самарадор экани ва қандай натижа беришини ўйлаб кўриш керак», - деди у.
Сентябрь ойи охиридаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси 32,5 млн кишини ташкил этади.
ХПКнинг 29 ноябрдаги йиғилишида Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаев Ўзбекистон ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олишини маълум қилган эди.