Қозоғистоннинг Петропавлоск шаҳридан Тошкентга йўл олган автобусдан эвакуация қилинган Ўзбекистон фуқаролари Ватанга муваффақиятли қайтиб келди. Бу ҳақда мамлакат ФВВ хабар қилди.

21 январь куни тахминан соат 23:10 да Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Болтабоев ФВВ тезкор штабининг 147−10−50 телефон рақамига алоқага чиқиб, Қозоғистоннинг Шўртанди тумани ҳудудидаги А1 «Остона-Боровое» йўлининг Остонага 54 км масофа қолган қисмида салонида 43 нафар, жумладан икки нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси бўлган Setra автобуси тўхтаб қолганини маълум қилди.

Автобус «Петропавловск-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган бўлган. Автобуснинг тўхтаб қолишига -40 даража совуқда дизель ёнилғисининг музлаб қолгани сабаб бўлган.

ФВВ Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази тезкор навбатчиси зудлик билан Ўзбекистон ТИВ ва Қозоғистон ФВҚ ФВБМ билан боғланди.

Ўзбекистон ФВВ, Қозоғистон ИИВ ФВҚ ва жойлардаги ҳукумат органларининг ҳамкорликдаги кучлари томонидан йўловчилар Шўртанди туманидаги 5-сонли агротехника коллежи ётоқхонасида ташкил этилган иситиш пунктига эвакуация қилинди. Уларга иссиқ жой, иссиқ овқат тақдим этилиб, тиббий ёрдам кўрсатилди.

Фуқароларни тез фурсатларда Ватанга қайтариш учун Ўзбекистон ФВВ ва Қозоғистон ИИВ ФВҚ уларга «Ўзбекистон темир йўллари» поездларининг плацкарт вагонларида бепул йўлга чиқиш таклиф қилинди. Ёмон об-ҳаво ва совуқ ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамасдан, фақатгина беш нафар йўловчи рози бўлди. Қозоғистон ИИВ ФВҚ ходимлари уларни Остона вокзалига элтиб қўйишди.

Қолган йўловчилар автобусда йўлни давом эттиришни маъқул кўришди. 25 январь куни 22:00 да улар Ўзбекистонга етиб келди.