1 февралдан давлат божи ва бошқа нотариус хизматлари учун тўловларни онлайн амалга ошириш мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Нотариал идораларга мурожаат қилган фуқаролар мобил телефонларидаги тўлов тизимлари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин. Бу инсон омилини истисно қилишга имкон яратади. Шунингдек тўлов учун QR-кодлардан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.

Ҳозир тўловларни UPAY хизмати орқали амалга ошириш мумкин. Яқин вақтларда PayME, Click ва бошқа тўлов тизимларини ҳам қўшиш режалаштирилган, дея «Газета.uz"га изоҳ берди Адлия вазирлиги вакили.

Нотариал хизматлар учун тўловлар ҳажми компьютерда автомат равишда ҳисоб-китоб қилинади. Аҳоли учун қулай ва тушуниш осон бўлган ягона квитанция формаси жорий этилмоқда.

Тўлов банк кассалари ёки мобил телефонлари орқали тўланишидан қатъи назар тўлов ҳақидаги ахборот «Нотариус» ахборот тизимида онлайн акс эттирилади.