Наманган вилоятининг Косонсой туманида овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Газета.uz"га хабар қилишича, 5 февраль куни 6:00 дан 12:00 гача 36 киши Косонсой туман тиббиёт бирлашмасининг инфекцион касалликлар бўлимига овқатдан заҳарланиш аломатлари (кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик) билан мурожаат қилди.
Жабрланганлар ўткир гастроэнтерит ва овқатдан заҳарланишда гумон қилиниб шифохона ётқизилди. Айни пайтда беморларнинг аҳволи қониқарли, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.
Барча беморлар ўзини ёмон ҳис қилишларини 4 февраль куни
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият устидан назоратни ўз қўлига олган. Косонсой тиббиёт бирлашмаси керакли миқдордаги дори воситалари, инфузион эритмалар, бир марталик шприцлар ва системалар билан таъминланган.
Косонсой туманидаги эпидемик ҳолатни ўрганиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, жумладан Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлари илмий-тадқиқот институти директори А. Абдушукуров, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори У. Исмоилов ва Андижон тиббиёт институтининг етакчи мутахассислари юборилди.
Санитария-эпидемиология хизмати, ички ишлар органлари ва солиқ органлари ходимлари деҳқон бозорида зарур тадбирларни амалга оширмоқда.