Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Чорвадор қишлоғида туғилган 41 ёшли Нуридин Киргизов Россиянинг Москва вилоятида истиқомат қилувчи кекса аёлни ёнғиндан қутқариб қолгани учун мукофотланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
31 январь куни Москва вилоятининг Софрино посёлкасида содир бўлган ёнғин вақтида Нуриддин Киргизов олов ичида қолган уйга кириб, кекса ёшли аёлни қутқариш вақтида оғир куйиш жароҳатини олади.
Ёнғин вақтида жасорат ва фидокорлик кўрсатгани учун Нуридин Киргизов Россия Федерацияси Ёнғинга қарши курашиш кўнгиллилар жамиятининг «Княз Александр Львов» номли медали ҳамда Пушкин шаҳар округи бошлиғидан диплом, шунингдек, Пушкин ёнғин-қутқарув гарнизони бошлиғи томонидан миннатдорлик эълон қилинган.
Ҳозирда Ўзбекистон фуқароси ФВВ ва ТИВ ёрдамида ватанга қайтиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд вилояти филиалида даволанмоқда.
Нуриддин Киргизовга мукофотларни Ўзбекистон ФВВ ходимлари етказиб қўйди.