АҚШ Ўзбекистон Афғонистондаги барқарорликни таъминлашда «тарихий ролни» ўйнамоқда, деб ҳисоблайди, дея хабар берди РИА Новости Америка Давлат департаменти вакили Ҳезер Науэрт баёнотига таянган ҳолда.
Баёнот 26−27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистондаги вазиятни ўнглаш бўйича халқаро конференция муносабати билан эълон қилинди.
«Биз Ўзбекистон Афғонистондаги барқарорликда тарихий ролни ўйнамоқда ва ушбу конференция кўп жиҳатдан [Ўзбекистоннинг] халқаро майдонга қайтишини англатади, деб ҳисоблаймиз», — деди Ҳезер Науэрт брифингда.
У Афғонистон ҳукумати ҳамда АҚШ вакиллари Тошкентдаги анжуманда иштирок этишини эслатиб ўтди.
«[Учрашувдан] мақсад — тинчликка эришиш бўйича афғон ҳукумати ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш юзасидан халқаро кучларни мувофиқлаштириш учун қатор халқаро шериклар билан биргаликда муносабатларни ўрнатишга уринишдан иборат», — деди Давлат департаменти вакили.