Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуановни қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш ва мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат механизмларини такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Антон Силуанов Россия мамлакатлар ўртасида молиявий соҳадаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, бу борадаги шерикликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.