Ўзбекистон «Толибон» ҳаракатидан март ойида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий алоқалар» Тошкент халқаро анжуманида иштирок этиш тўғрисида мурожаат қабул қилиб олмади, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги.

«Рейтер» агентлигининг қуролланган афғон мухолифати, жумладан «Толибон» ҳаракати вакилларининг эҳтимолий иштироки тўғрисидаги саволга жавоб қайтарар экан, ТИВ мурожаат на Афғонистон ТИВ, на тўғридан-тўғри келиб тушмаганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Афғонистон ташаббуси билан юқори даражадаги анжуманга иштирок этиш учун БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамота, Европа кенгашининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Федерика Могерини, шунингдек Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари таклиф қилинган.

12 мартга қадар Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия ТИВ раҳбарлари, ЕИ олий вакили ва Афғонистондаги БМТ махсус вакили форумда иштирок этишини дастлабки тартибда тасдиқлади. АҚШ номидан давлат котибининг биринчи ўринбосари иштирок этади, дея хабар қилди ТИВ.

Форум қатнашчилари Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай шартларсиз тўғридан-тўғри музокараларни тез орада бошлаш зарурати ҳақида минтақавий ва глобал даражадаги нуқтаи назарларни билдиришлари кутилмоқда.

Конференция якунлари бўйича Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилмоқда.