Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни «Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни ўтказиш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Аввалроқ ушбу фармон лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ҳужжатда қайд этилишича, кўп йиллар давомида минглаб фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларида якка тартибдаги турар жойларни ноқонуний равишда қуриб олишган. Натижада мазкур муаммо бутун республика миқёсида оммавий тус олди. Турар жойларга ҳужжатларнинг йўқлиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммолар, жумладан яшаётган жойи бўйича пропискага қўйиш, мол-мулкка бўлган ҳуқуққа эга бўлиш ва уни сотиш имконсизлигини келтириб чиқарди.
Президент виртуал қабулхонасига фуқароларнинг турар жойига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб 5000 дан зиёд, депутатлар, сенаторлар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда — 3000 дан зиёд мурожаат келиб тушган.
Фармонда Адлия вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат кадастри давлат қўмитасининг жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқларини тан олиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисидаги таклифлари тасдиқланди.
2019 йил 1 майга қадар (фармон лойиҳасида 2018 йил 31 декабргача эди) мазкур фармон қабул қилинган вақтдан олдин қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини ушуб объектга ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс қуйидаги шартлар асосида олади:
ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига асосан турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;
ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаса, шунингдек унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.
Ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилувчи Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тан олиш бўйича ташкилий ишлар комиссияси тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокими қарори билан умумий мулк тўғрисидаги фуқаролик ва оилавий қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдоридаги (фармон лойиҳасида 10 баробар миқдорида эди) бир марталик тўлов амалга оширилганидан сўнг тақдим этилади.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ортиқча қисми захира ерларига олиб қўйилган ҳолда, Солиқ кодексининг 121-моддасида кўзда тутилган солиққа солишсиз берилади.
Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан иморатлар қурганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда.