Тошкентда душанба куни Buyuk Kelajak халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертлик кенгаши таркиби тақдимоти ўтказилди.

Экспертлик кенгашининг илк аъзолари 32 нафарни ташкил этган бўлиб, улар Россия, Канада, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Дания ва Яқин Шарқда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ватандошлардир.

14 апрель куни фаолиятини бошлаган ташкилот фаолиятининг асосий мақсади — Ўзбекистон президентининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда олиб бораётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун Ўзбекистоннинг 2035 йилгача узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқиш бўлиб, унда аҳолининг яшаш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, узоқ муддатли инвестициялар бозорини ривожлантириш ва давлат бошқаруви институтларини ислоҳ қилиш кўзда тутилган.

Hyatt Regency меҳмонхонасида бўлиб ўтган тақдимотда Япония, Россия, Буюк Британия ва АҚШда истиқомат қилаётган эксперт-аъзолар билан теле-кўприк орқали мулоқот олиб борилди, дея хабар қилди ташкилотчилар «Газета.uz"га.

Тадбирда хорижда истиқомат қилаётган ва нуфузли халқаро ташкилотларда фаолият юритаётган Ўзбекистонлик юқори малакали мутахассисларни жалб этган холда Buyuk Kelajak ташкилотининг профессионал эскпертлик кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Кенгаш халқаро колсантинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистоннинг 2035 йилгача узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқишнинг асосий йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Эскпертлик кенгашининг биринчи форумини ташкил этиш ва ўтказишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг узоқмуддатли ривожланиш моделини ишлаб чикиш бўйича иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва давлат қурилиши йўналишлари бўйича Buyuk Kelajak эксперлик кенгаши аъзоларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар шакллантирилади.

7 май куни Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматовнинг Buyuk Kelajak вакиллари билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар мамлакатни узоқ муддатли ривожлантириш моделини шакллантиришда ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди.