Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчиларни балли тизимда баҳолашни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Тошкент ИИББ Ахборот мультимедиа маркази бошлиғи Бахтиёр Иноғомов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай таклиф ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан Олмазор туманида аҳоли билан учрашувда илгари сурилди.
«Биз ҳозирда балли тизимдаги шундай ғояни кўриб чиқаяпмиз. Ҳайдовчилик гувоҳномасида киритилган баллар қоидабузарлик кўринишига мос равишда қисқариб боради. Агарда ҳайдовчида баллар қолмаса, у қайтадан имтиҳон топширишига тўғри келади», — деди у.
ИИВ бу борада ҳайдовчиларнинг фикри ва ғояга муносабатини ўрганишни режалаштирмоқда.