Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 1-ўринбосари Собиржон Шукуров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Биринчи медиа-саммитида иштирок этиш мақсадида Хитой пойтахти Пекинда бўлиб турибди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, 1 июнь куни агентлик ва ХХР Давлат кенгаши Матбуот девонхонаси ўртасида ОАВ соҳасида беш йилга мўлжалланган англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжатда ҳар икки давлат ОАВлари, нашриётлари ўртасидаги алмашинувлар ва ҳамкорлик, жумладан, журналистлар ва тасвирга олиш гуруҳларини долзарб мавзулар бўйича ахборот материалларини тайёрлаш, ОАВ ташкилотлари, шунингдек, уларнинг ваколатхоналари ва мухбирлик пунктларини очиш, ОАВ вакиллари иштирокида танловлар, семинарлар ва симпозиумлар ўтказиш, мамлакатлар ҳудудида ўтказиладиган турли тадбирларни ёритиш сингари вазифалар ўрин олган.
Шу куни делегациялар раҳбарларининг маърузалари тингланди. Унда чиқиш қилган Собиржон Шукуров бугунги кунда Ўзбекистонда ОАВ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистонда жами 1766 та матбаа корхонаси ўз фаолиятини олиб бораётганлигини, жами ОАВ сони 1597 тани ташкил этишини, шундан: 668 та газета, 355 та журнал, 4 та ахборот агентлиги, 69 та телеканал, 37 та радио 464 та веб-сайт мавжудлигини қайд этиб, ЎзМААнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ХХРнинг етакчи давлат корхонаси — «Синьхуа» ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикасида ўз мухбири эгалигини таъкидлаб, «Синъхуа» ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Хитой марказий телевидениеси — ССТV билан Ўзбекистон миллий телерадикомпанияси, «Жэньминь жибао» билан «Халқ сўзи», «Правда Востока» нашрлари ўртасида ўзаро хабар ва янгилар, умуман, медиа маҳсулотлари айрибошлаш бўйича яқин ҳамкорлик қилишидан ҳар икки томон ҳам манфаатдорлигини маълум қилди.