Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги йиғилишда Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевни қаттиқ танқид қилди, дея хабар берди Daryo интернет нашри.
5 июнь куни Ёшлар иттифоқи раҳбари журналистларга Наманганда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборганини сўзлаб берган эди. Бу жамоатчиликнинг қизғин норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Қаҳрамон Қуронбоевнинг сўзларига турли усуллар, жумладан карикатура ва киноялар шаклида норозилик билдирди.
Жамоатчилик унинг саҳифасида ҳам салбий мулоҳазаларни қолдирди, айни пайтда унинг рейтинги 5 балдан 2,5 бални ташкил этмоқда.
«Баландпарвоз гаплар, тўйларни йўлда тўхтатиш менга керак эмас. Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат,» — деди Шавкат Мирзиёев.