Тошкент ҳокимияти Чилонзор кўчасидаги Сеул кўчаси (собиқ Янги Байналмилал) реконструкцияси бўйича тендер эълон қилди. Пойтахт маъмурияти матбуот хизматининг хабар қилишича, кўчанинг Бешёғочдан Оқтепа чорраҳасигача бўлган қисми реконструкция қилинади.«Кўчанинг ташқи кўриниши ўзбек ва корейс архитектурасига хос бўлган рамзларни ва хусусиятларни ўзида мужассам этади ва икки халқ маданияти орасидаги кўприк сифатида хизмат қилади, — дейилади ҳокимият хабарида. — Янги бошланган ободонлаштириш ишларининг асосий мақсадларидан бири бу икки халққа хос бўлган ландшафт элементлари, ранглар гаммаси ва архитектурасидан келиб чиққан ҳолда умумий, ягона дизайнни яратишдир».

Режага кўра анҳор қирғоқлари бўйлаб сайр зоналари, кафе ва ресторанлар, фаол ва пассив ҳордиқ чиқариш учун бир қанча ҳудудлар жойлашади, сакура дарахтлари ўтқазилиб, айрим ҳудудлар ботаника боғи қиёфасига эга бўлади.

Ҳозирда янги реконструкция лойиҳаси устида Жанубий Кореядан таклиф этилган мутахассислар ва Ўзбекистон архитекторлари ишлашмоқда.

Лойиҳага сармоя киритиш масалалари бўйича ҳокимиятнинг расмий Facebook-саҳифаси орқали мурожаат қилиш мумкин.