Россияда ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи яримфинал баҳси ҳам бўлиб ўтди. Хорватия терма жамоаси Англия устидан иродали ғалабага эришиб, ўз тарихида илк бор финалда ўйнайдиган бўлди.
Ушбу учрашув олдидан экспертлар Англиянинг имкониятларини юқори баҳолашганди. Ўйин бошиданоқ ҳисобни очган инглизлар бу тахминни оқлагандек эди. 5-дақиқада Триппьер жарима зарбасини ажойиб тарзда бажариб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
68-дақиқада Перишич ўртадаги фарқни тенглаштирди. Бу футболчининг ўзи асосий вақтдаёқ барча масалани ҳал қилиши мумкин эди. Бироқ Перишичнинг зарбаси устунга тегди.
Асосий вақт дуранг билан якунлангач, туркиялик ҳакам Жунайт Чақир футболчиларни қўшимча бўлимларга таклиф қилди. 109-дақиқада Манжукич жамоасининг иккинчи голини киритди. Англияликлар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, ҳисобни тенглаштира олишмади.
Хорватия терма жамоаси мундиал финалида Францияга қарши ўйнайди.
Хорватия — Англия 2:1 (0:1, 1:0, 0:0)
Голлар: 0:1 — 5 Триппьер, 1:1 — 68 Перишич, 2:1 — 109 Манжукич.
Хорватия — Субашич, Ловрен, Стринич (Пиварич, 95), Врсалько, Вида, Ракитич, Брозович, Перишич, Модрич (Бадель, 119), Ребич (Крамарич, 101), Манжукич (Чорлука, 115).
Англия — Пикфорд, Уокер (Варди, 112), Стоунз, Янг (Роуз, 90), Магуайр, Алли, Лингард, Стерлинг (Рэшфорд, 74), Ҳендерсон (Дайер, 97), Триппьер, Кейн.
Огоҳлантиришлар: Манжукич (48), Уокер (54), Ребич (96).