Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 6 ойи давомида 9 829 та қонун бузилиши ҳолати аниқланди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Қонун бузилишларнинг 5 705 таси ҳокимлик органлари, 776 таси муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, 538 таси қурилиш ва 47 таси кадастр идоралари ҳиссасига тўғри келди.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 4 мингга яқин таъсир чоралари қўлланилиб, 183 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 30 нафар шахс вазифасидан озод этилган, 155 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Хабарда айтилишича, давлат хизматлари хизматлари марказининг ташкил этилиши натижасида аҳолига кўрсатиладиган хизмат сезиларли даражада ўсди. 2017 йил давомида «Ягона дарча» орқали 120 000 хизматлар кўрсатилган бўлса, 2018 йилнинг апрель-июнь ойларини ўзида 1 миллиондан кўпроқни ташкил этди.

2017 йилда марказлар орқали кўрсатиладиган хизмат турлари 32 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда хизмат турлари 100 тага етказилди.

«2017 йилда Марказларга 1 кунлик аҳоли оқими ўртача 20−40 кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 350−600 нафарни ташкил этмоқда», — дейилади хабарда.

Андижон, Самарқанд, Нукус, Мирзачўл, Термиз ва Тошкент шаҳарларида Давлат хизматлари марказларининг инновацион биноларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этишга киришилди.