Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси аэропортларда фаолият олиб борувчи ходимлари либосларини янгилади. бу ҳақда 8 август куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида ДБҚ раиси Муроджон Азимов маълум қилди.
Божхона органлари ходимлари янги либосларни журналистларга ўзлари кийган ҳолда намойиш қилди. Эндиликда уларда погон йўқ, ҳарбий унвон, рақам белгиси ва ташкилот тимсоли расмий кўйлакнинг енги ва ёқасига тикиб қўйилган.
«Биз мамлакат раҳбари топшириғи билан хориж тажрибасини ўргандик. Аксарият ривожланган давлатларда ходимлар расмий кийими шундай кўринишда. Мамлакатимизга сайёҳ ёки чет эллик меҳмон ташриф буюрганида, унга мана шундай саришта форма ёқимли кўринади, погонлилари эмас», — дея изоҳ берди ДБҚ раҳбари.
Муроджон Азимовнинг сўзларига кўра, форма Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда ишлаб чиқилди. Ушбу либосларни нафақат аэропортлардаги, балки чегаралардаги божхоналар ҳам кийишни бошлади.