Гурлан туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби директори А.Жуманов ғаройиб махсус баённома орқали мактабнинг бир гуруҳ техник ходимлари: фаррош ва қоровулларни бу ерда бошлаб юборилган жорий таъмирлаш юмушларига жалб қилди. Директор бу иш мамлакатимизнинг амалдаги ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлари талабларига зид эканлигини билса-да, ниятидан қайтмади. Натижада, хизмат вазифаси мактаб озодалигини таъминлаш, чор-атрофни супуриб-сидириш ҳамда ҳудудни қўриқлашдан иборат бўлган 10 га яқин ходимлар хизмат йўриқномасида белгиланган юмушлар бир четда қолиб, уларга дахли бўлмаган жорий таъмирлаш ишлари майдонига йўл олишди. Бу ҳақда Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Машарипов «Инсон ва қонун» газетасига маълумот берди.

Директорнинг қонунга зид ҳаракати тез орада ошкор бўлди. Қонунга зид номақбул ҳужжат ўз кучини йўқотди. Директорнинг ўзи эса ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини поймол этгани, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасида ифодасини топган қоидаларга хилоф равишда иш тутгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Маълумот учун, адлия бўлимларининг шаҳар ва туман бўғинлари фаолият бошлаганидан буён ўтган қисқа вақт ичида биргина Хоразм вилоятининг ўзида жами 1700 та қонун ҳужжатлари матни давлат бошқарув органлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотларга етказиб берилди.

Жойлардаги адлия бўлимлари бошлиқлари ҳозирнинг ўзидаёқ тегишли шаҳар ва туманларда ўтаётган «Ҳокимлик соатлари"нинг доимий қатнашчилари, ҳуқуқий йўриқчи ва оқил маслаҳатчи мақомида намоён бўлишяпти. Ноқонуний тарзда ўзлаштирилган бир неча миллион сўм миқдоридаги маблағ эгаларига қайтарилди.

Мазкур бўлимларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган 89 та мурожаат ҳам пухта ўрганилди. Эътиборли жиҳати, бу мурожаатларнинг 80 фоиздан зиёди асосли, деб топилди ва тўла қаноатлантирилди. Қолганларига асосли тарзда ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқ берилди.

Адлия бўлимининг амалий кўмагидан баҳраманд бўлганлар орасида боғотлик фуқаро Павел Буданов ҳам бор. У адлия бўлими ходимлари томонидан уюштирилган сайёр қабул чоғида анчадан буён иш излаётганини айтиб, бўлим раҳбарига мурожаат қилди. Талаб қаноатлантирилди. Буданов ўзига мақбул иш ўрнига эга бўлди.