Куз ойларида бир қатор ФИФА кунлари мавжуд. Улардан унумли фойдаланиш мақсадида Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 6 сентябрь куни пойтахтдаги «Миллий» стадионида Сурияга қарши баҳс олиб боради. Ўйин мухлислар учун қулай бўлган пайт — соат 20:00да бошланади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Бундан ташқари, октябрь ойидаги ФИФА кунларидан ҳам унумли фойдаланиш режалаштирилган. 13 октябрь куни КХДР билан, 16 октябрь куни эса Қатар терма жамоасига қарши Тошкентда ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтади.
Ҳозирда қолган ФИФА кунларида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ўртоқлик ўйини ташкил қилиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Жумладан, Эрон футбол федерацияси билан ўтказилаётган музокаралар ижобий якунига етса, 11 сентябрь куни юртимиздаги футбол мухлислари Осиёнинг ушбу гранд жамоасини Тошкентда кўришлари мумкин бўлади.
ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг бир қатор футбол ассоциациялар билан ўзаро имзолаган меморандумлари асосида, шунингдек, ФИФА президенти Жанни Инфантино ва ОФК президенти Шайх Салмон Иброҳим бин Халифа кўмаги ёрдамида юқорида номи келтирилган терма жамоалар билан Тошкентда ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.