Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган Осиё ўйинларининг бешинчи куни кеча ниҳоясига етди. Кун давомида ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг бешта медалига эгалик қилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Академик эшкак эшишнинг жуфтлик баҳсларида Шаҳбоз Ҳолмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборов олтин медални терма жамоа ҳисобига қўшиб қўйди. Сўнгра Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевдан ташкил топган бошқа бир жуфтлик кумуш медалга сазовор бўлди. Тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчилар эса (Исламбек Мамбетназаров, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов) бронза медалига эга чиқди.

Таэквондо бўйича -49кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган 17 ёшли спортчи Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Гонконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибига айланди.

Спорт гимнастикасида афсонавий спортчи, 43 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг севимли услуби ҳисобланган таяниб сакраш машқларида иштирок этди ва якунда иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.

Умумий ҳисобда ўзбекистонлик спортчилар кеча 1 та олтин, 3та кумуш ва 1та бронза медалларига эга чиқишди.

Бешинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 19 та медаль мавжуд. Ўзбекистонлик спортчилар беш кун ичида 4 та олтин, 8 та кумуш ва 7 та бронза медалларини терма жамоа ҳисобига қўшиб қўйди.

Суратлар муаллифлари: Анвар Илёсов, Абдулло Файзуллаев, Маъруфжон Асқаров.