Аввал хабар берганимиздек, президентнинг 2018 йил 6 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига кўра, Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида академиянинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди.

«Зарафшон» газетаси сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Самарқанд ҳудудий филиали директори Дилмурод Насимовнинг мақоласи эълон қилинди.

Академиянинг Самарқанд филиали Самарқанд давлат университети бош биносида фаолият бошлади. 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб бу ерда Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоялари шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг шаҳар ва туман бўлинмалари раҳбарлари малака оширадилар.

Малака ошириш курси олти кун давом этиб, 72 соатлик вебинар, суҳбат, тренинг машғулотларидан иборат. Шунингдек, тингловчиларга мустақил таълим учун топшириқлар берилади ва уларни бажариш якунида тақдимот, муайян кейс ечими ва ёки чора-тадбирлар режаси ва «йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Вебинар машғулотлари академия профессор-ўқитувчилари томонидан он-лайн тарзда олиб борилади. Суҳбат ва тренинглар эса мини-маъруза ва мавзу бўйича муҳокама шаклида, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва диалог шаклларида ташкил этилади.

Малака ошириш курси тингловчиларининг ўзлаштириши академия таълим портали орқали он-лайн мониторинг қилинади. Тизимли равишда топшириқлар бериш ва тестлар ечиш билан уларнинг билими баҳоланади.