Парвозлар хавфсизлиги давлат инспекциясида 28 август куни хорижий авиакомпаниялар вакиллари билан транзит йўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

15 июлдан Ўзбекистон президентининг хорижий фуқароларнинг мамлакатга кириш тартибларини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорига кўра, учинчи мамлакатга чиптаси бўлган транзит авиайўловчиларга (101 мамлакат фуқаролари) Ўзбекистон ҳудудида беш кун муддат визасиз бўлишга рухсат берилди. Бироқ бу имкониятдан фақатгина улар ҳақидаги дастлабки маълумотларни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига тақдим этган ташувчилар йўловчиларигина фойдаланиши мумкин. Бироқ бугунги кунда бундай маълумотни фақатгина «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси тақдим этмоқда.

23 август куни уч кунга Бокудан Тошкентга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» рейсида учиб келган ва Москвага Россиянинг «ЮТэйр» авиакомпанияси чиптасига эга Хитой фуқароси мазкур авиакомпания транзит йўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмагани сабабли визасиз кириш имкониятидан фойдалана олмади. Чегара қўшинлари матбуот хизмати маълумотларига кўра, хитойлик туристга Ўзбекистон орқали транзит ҳаракатини амалга ошириш тартиблари тушунтирилган, шундан сўнг уни қабул қилувчи томон Москвага «Ўзбекистон ҳаво йўллари» чиптасини сотиб олган ва у визасиз Тошкентга чиққан.

Давлат туризм қўмитасидан хабар қилинишича, хорижий авиакомпаниялар вакиллари транзит йўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш масаласини ўрганиб чиқишга қизиқиш билдирган. Бундай маълумотларни тақдим этувчи авиакомпаниялар рўйхати Давлат туризм қўмитаси сайти ва бошқа манбаларда эълон қилинади. «ЮТэйр» авиакомпанияси билан маслаҳатлашувлар якунлари бўйича, транзит йўловчилар тўғрисидаги маълумотларни алмашиш ҳақидаги дастлабки келишувга эришилди.

Қўмита хорижий авиаташувчиларни зарур ахборотларни тақдим этишга чақириб, бу йўловчилар учун қулайлик яратиши ва йўловчилар оқимининг ортишига хизмат қилишини таъкидлади. Ўз навбатида Ўзбекистон орқали учувчи йўловчилар ҳам Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятларини олдиндан аниқлаштириб олишга чақирилди.

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, айни пайтда Тошкент аэропорти орқали беш кунгача Ўзбекистонда визасиз бўлиш имкониятидан 450 нафар чет эллик, жумладан 325 нафар ХХР фуқароси фойдаланди.