Собир Қаюмов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) 2011 йилнинг 4 майидан Зарбдор тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази турғун пункт инспектори вазифасида фаолият юритиб келган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг судьяси Нуриддин Тўхлиев «Газета.uz"га маълум қилди.
Марказ буйруғига кўра, белгиланган қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида кам таъминланган оилаларга тайинланадиган нафақалар бўйича барча турдаги комиссияларда қатнашиш ва мониторинг ишларини амалга ошириш унинг вазифасига кирарди.
Мансабдорлик лавозимида бўлмаган хизматчи С. Қаюмов 2014 йилнинг 22 январь куни туманнинг Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан нафақа олиш тўғрисида мурожаат қилган фуқаролар М. Турдиева, З. Норқулова, Г. Раимова, С. Ботирова, Н. Ҳабибуллаева, Н. Ўсарова, К. Отамуродова, С. Воҳидова, Н. Хонназарова, Х. Насриева билан суҳбатлашади. Уларга икки ва ўн тўрт ёшга тўлмаган фарзандлари учун нафақа ҳамда моддий ёрдам пули тайинлашга ваъда бериб, эвазига 50 минг сўмдан талаб қилган ва сўраган пулларини олиб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Бу билан С. Қаюмов такроран ва товламачилик йўли билан хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажариши эвазига ҳақ беришни талаб қилиш жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган.
Биринчи босқич судининг 2014 йил 23 декабрдаги ҳукми билан С. Қаюмовга Жиноят кодексининг 214-моддаси 2-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ундирган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари ва Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан икки йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Маълумот учун айтиш керакки, С. Қаюмовга оид ушбу жиноят иши дастлаб икки марта биринчи босқич судида кўриб чиқилди. Шундан сўнг С. Қаюмовнинг шикояти вилоят суди кассация судлов ҳайъатида муҳокама этилди. Мазкур судлов ҳайъатининг 2015 йил 21 майдаги ажрими билан биринчи босқич суди чиқарган ҳукм ўзгаришсиз, шикоятлар эса, қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўз навбатида, С. Қаюмов Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилди.
Судланган С. Қаюмов ўзининг кассация тартибидаги шикоятларида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилишига фуқаро М. Турдиеванинг нафақа тайинлаш ҳужжатларига рад қилиш хулосаси берганини сабаб қилиб кўрсатади. Вояга етмаган фарзандларига нафақа пули чиқмаганидан аламзада бўлган М. Турдиева атрофига бир неча нафар аёлни тўплаб, Қ. Отамуродованинг уйида, маҳалла фаоли О. Ҳазратова, ички ишлар бўлими вакили тўпланиб, гўёки С. Қаюмов аёллардан 50 минг сўмдан пул талаб қилгани ва улар шу пулларни бергани ҳақидаги туҳмат аризани уюштирганини важ қилиб кўрсатади.
Мазкур уюштирилган аризага имзо қўймаган Б. Холбўтаева ва Г. Ҳосилова судда умуман сўралмагани, нафақа тўловлари тўғри-нотўғри тайинлангани юзасидан тафтиш ўтказилмасдан биринчи босқич судлари ишни кўришга бир томонлама ёндашгани, суриштирув давридаёқ жабрланувчилар сўзларидан қайтгани эътиборга олинмагани, М. Турдиева ва Г. Раимовадан бошқа аёллар билан юзлаштириш ўтказилмагани, суд мажлиси баённомаси сохталаштирилгани, яъни Н. Ҳабибуллаеванинг суд мажлисида эмас, балки терговдаги кўрсатмалари ҳукмда акс эттирилгани, тергов ва судда айбини умуман тан олмаган бўлса-да, суд ҳужжатларида «С. Қаюмов айбига иқрор ва пушаймон бўлган» деб нотўғри кўрсатилганини баён қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида С. Қаюмовнинг шикояти жиноят иши материаллари билан бирга текширилиши лозим деган хулосага келинган. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг шу йил 5 июндаги ажримида суд томонидан С. Қаюмовнинг ҳимоя ҳуқуқи қонунда белгиланган тартибда таъминланмагани, унинг важлари текширилмагани, ишдаги мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмагани, шунингдек, кассация инстанцияси шикоятдаги важларни юзаки текшириш билан чеклангани кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари иш бўйича жабрланувчи деб эътироф этилган С. Ботирова, Н. Ҳабибуллаева, Г. Раимова, С. Воҳидова, Х. Насриева, Н. Хонназарова ўзларининг эътирозномасида бировларнинг гапига кириб, С. Қаюмовнинг устидан шикоят ёзишгани, аслида бу воқеалар бўлмагани, ўзгаларнинг гапига алданиб, айбсиз одамга туҳмат қилишгани, ҳақиқатни судда айтишлари ҳақида ёзган бўлсалар-да, кассация инстанцияси уларни суд мажлисига чақириб сўраш, судланувчи билан юзлаштириш орқали ҳақиқий ҳолатга ойдинлик киритиш чораларини кўрмаганлиги қайд этилган. Юқорида қайд этилган ҳолатлар ишни янгидан кўришни тақозо этгани боис, С. Қаюмовга оид жиноят иши қайтадан кассация инстанциясида кўриш учун юборилди.
Вилоят суди кассация судлов ҳайъати ўзининг шу йил 25 августдаги очиқ суд мажлисида С. Қаюмовнинг кассация тартибида келтирилган шикоятини кўриб чиқди.
Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида"ги қарори 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги қайд этилган. Судланувчини жиноятни содир қилганини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, Жиноят процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги кўрсатилган.
Шунингдек, амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 463-моддасида айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги қатъий норма сифатида белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари Жиноят процессуал кодексининг 467-моддасида айблов ҳукмининг тавсиф қисмида суд исбот этилган деб эътироф этган жиноий қилмишнинг тавсифи, содир этилган жойи, вақти, усули, айбнинг шакли, жиноятнинг сабаблари, мақсадлари ва оқибатлари кўрсатилиши лозимлиги қайд этилган.
Биринчи босқич суди томонидан ушбу қонун талаблари ҳамда Олий суд Пленуми қарорининг раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмаган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган ҳар бир важнинг текширилишини таъминлаш мақсадида кассация инстанцияси суди мажлисида тўлиқ суд тергови ўтказди. Судлангандан ташқари жабрланувчи деб эътироф этилганларнинг барчаси ҳамда гувоҳлар судда иштирок этди.
Судланган С. Қаюмов кассация инстанцияси суди мажлисида ўз ваколатига бириктирилган ҳудудда иш билан банд бўлмаган аҳоли сони ва таркибини аниқлаш, ҳудудда жойлашган корхона ва ташкилотларда бўш иш ўринларини аниқлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кам таъминланган, кўп болали, муҳтож оилаларга, қарамоғида 14 ёшгача боласи бор, ишламайдиган оналарга тайинланадиган ва тўланадиган нафақалар устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлаш сингари вазифалар киришини таъкидлади. Нафақа пулини тайинлаш учун фуқаролардан 50 минг сўмдан пул олмагани, буларнинг ҳаммаси унга нисбатан уюштирилган туҳмат экани, якка ўзи кам таъминланган, кўп болали, муҳтож оилаларга, ишламайдиган оналарга нафақа тайинлай олмаслиги, фақат хулоса бериши мумкинлиги, қолган масалаларни комиссия ҳал қилиш ваколатига эга эканини қайд этиб, кўрсатма берди.
Жабрланувчи деб эътироф этилган М. Турдиева, З. Норқулова, Г. Раимова, С. Ботирова, Н. Ҳабибуллаева, Н. Ўсарова, К. Отамуродова, С. Воҳидова, Н. Хонназарова, Х. Насриева судда сўралганида, фақат М. Турдиевадан бошқалар Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизларнинг диний-маърифий, маданий ва ахлоқий масалалари бўйича маслаҳатчиси О. Ҳазратова шу маҳаллада яшовчи Икром аканинг уйига ҳаммани чақиргани, нафақа тайинлаб бериш эвазига бир кишига пул берилгани ҳақида айтишни тайинлагани, оилавий шароитлари оғир бўлгани сабабли улар рози бўлиб, «С. Қаюмовга 50 минг сўмдан пул берганмиз» деб ёзилган аризани имзолашгани, аслида улар судланган С. Қаюмовга пул бермаганини баён қилишди.
Гувоҳ О. Ҳазратова ҳузурига ички ишлар бўлимининг икки нафар ходими келиб, М. Турдиеванинг аризаси юзасидан текшириш ўтказилаётганини, нафақа тайинлашни сўраб мурожаат қилган маҳалла фуқароларини чақириб беришни илтимос қилганини айтди. Шундан сўнг О. Ҳазратова рўйхат бўйича фуқароларни чақириб берган. «С. Қаюмовга 50 минг сўмдан пул берганмиз, унга нисбатан чора кўришни сўраймиз» деган мазмунда ариза ёзиш ҳақида даъват қилмаган экан. Ўзи ҳам С. Қаюмовнинг фуқаролар билан алоҳида жойларда гаплашганини ёки бировдан пул олганини кўрмаган ва эшитмаган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, С. Қаюмовнинг 2014 йилнинг январида нафақа пулларини тайинлаш эвазига фақат бир ҳолатда, яъни фуқаро М. Турдиевадан 50 минг сўм олган дейилган ҳолатдан ташқари товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилган ҳолда бир неча нафар фуқародан ҳам такроран 50 минг сўмдан пул олган деб ҳисоблаш учун далил ва асослар етарли эмас. Ўтказилган тўлиқ суд тергови натижаси бўйича ҳам С. Қаюмовнинг шунга оид айбларини тасдиқлайдиган далиллар аниқланмади. Бундай вазиятда С. Қаюмовни товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилган ҳолда бир неча нафар фуқародан такрорий равишда пул олган деб баҳолаб бўлмайди.
Қисқаси, С. Қаюмовнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 214-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятнинг формал белгилари мавжуд. Бироқ 2015 йил 20 августда қабул қилинган қонунга биноан, Жиноят кодексининг ушбу моддаси ва қисми билан шахсни жиноий жавобгарликка тортишга шундай ҳаракатлар учун ўша шахснинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши талаб қилинади. С. Қаюмов эса, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Шунингдек, унга оид жиноят ишини кассация инстанциясида кўриш вақтига келиб, С. Қаюмовни маъмурий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб бўлган.
Судлов ҳайъати юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, биринчи босқич судининг 2014 йил 23 декабрдаги ҳукмини бекор қилди. Жиноят кодексининг 214-моддаси 2-қисми «а» банди билан юритилган жиноят ишини С. Қаюмовнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатиш тўғрисида ажрим чиқарди.
Қисқаси, ноҳақ туҳмат тўрт ярим йиллик оворагарчилик ва сарсон-саргардонликка сабаб бўлди. Асоссиз қўйилган айблов кассация судлов ҳайъати томонидан бекор қилинди. Адолат ва ҳақиқатнинг юзага чиқишига бир инсон кўп меҳнат ва вақт сарфлашига тўғри келди.