Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 27 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонун юзасидан изоҳ берди.

Аввалроқ Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев агентликлар томонидан кўрсатилувчи хизматлар нархи энг кам иш ҳақи (184,3 минг сўм) чегарасида белгиланиши ҳақида маълум қилганини ёзган эдик.

««Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, хусусий агентлик, иш изловчи ва (ёки) иш берувчи шахслар билан хизмат кўрсатганлик учун тўлов ҳажми ва шартлари кўрсатилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилади, яъни тўлов ҳажми ва шартларини хизмат кўрсатаётган тижорий ташкилотнинг ўзи белгилайди», — дейилади Меҳнат вазирлиги хабарида.

Ўзбекистон фуқаросини хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатганлик тўғрисидаги намунавий шартнома 12 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Хорижда ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий саралаш тартиблари тўғрисидаги низомга 2-иловада ўз аксини топган.

Шартноманинг учинчи бандида ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс томонидан белгиланган ҳисоб-китоб ҳажми ва тартиблари келтириб ўтилади.

Лицензияловчи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ёки ишчи орган ҳисобланган Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи юридик шахслар учун хизмат кўрсатганлик учун ҳисоб-китоблар ҳажми ва тартибларини белгилаб бериш ҳуқуқига эга эмас, дея таъкидланди вазирликдан.