«Ёшлар спорт ҳафталиги» Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлигида Қорақалпоғистоннинг барча туманларида намуна тарзида ташкил этилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳафталик давомида спортнинг шахмат-шашка, бадиий гимнастика, мини-футбол, волейбол, стол тенниси, бадминтон турлари бўйича ўйинлар ташкил этилиб, уларда 200 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этмоқда. Мусобақалар «Турон» стадиони, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдидаги амфитеатр ва Бахт уйи олдидаги майдонларда бўлиб ўтмоқда. Ушбу ҳафталик республикамиз барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур ҳафталикда иштирок этаётган Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев оммавий спорт тадбирлари кузатиб борди ва ёш спортчилар билан уларнинг келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашди.

Вазир, шунингдек, Қораўзак, Тахтакўпир, Қўнғирот туманларида аҳолининг барча қатламлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича қилинаётган ишлар билан танишди. Маҳаллалардаги спорт билан ошно бўлган ёши улуғ инсонлар билан бўлган суҳбатларда аҳолини, айниқса, ёшларни спортга қизиқтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистонда «Ёшлар спорт ҳафталиги» жорий йилнинг 6 октябрига қадар давом этади.

Эслатиш ўринли, президент томонидан жорий йилнинг 20 сентябр куни жисмоний табрия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳар йили оммавий спорт тадбирлари республика тақвим режаси доирасида «Таълим муассасалари ҳафталиги», «Хотин-қизлар ҳафталиги», «Маҳалла ҳафталиги», «Нуронийлар ҳафталиги», «Ёшлар ҳафталиги» каби шиорлар остида оммавий тадбирлар ўтказиш вазифаси берилган эди.