Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижда қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишларни бошлади. Ватандошларнинг биринчи гуруҳи (71 киши) 12 октябрь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг иккита рейси билан (16:55 ва 22:35 да) Москвадан Тошкентга етиб келди.
Аэропортда уларни қариндошлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев (пастдаги суратда — ўртада) ҳамда Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари кутиб олди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
5−8 сентябрь Москва шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 19-Кенгашида Россия Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларининг ҳорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидаги тахминан 1500 нафар Ўзбекистон фуқароларини қайтаришга кўмаклашиш ҳақидаги келишувга эришилган эди.
Таъкидланган тоифадаги шахслар — бу оғир моддий қийинчиликка учраган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга ва яшаш учун маблағга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларидир.
Ватандошларни қайтариш билан боғлиқ ташкилий ишлар Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги «Ҳорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси» ҳисобидан амалга оширилади.