Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Брайл ёзувида чоп этишга мўлжалланган кичик босмахона очилди. Шу муносабат билан тадбир бўлиб ўтди, дейилади ЎзА хабарида.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда 70 мингга яқин кўзи ожиз аҳоли яшайди. Республикада кўзи ожизлар кутубхоналарини Брайл ёзувидаги китоблар билан таъминлаш мақсадида, Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасига Ахборот-кутубхоналарини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилган ва уларга Брайл ёзувида чоп этишга мўлжалланган кичик босмахона ускунаси хориждан олиб келинди.
Ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш учун Латвиядан Вилис Еисакс ва Борисс Филатовс ташриф буюрди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур ускуналарни ишга туширилиши «INFOLIB-2018» VII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ташкил этилмоқда.