22 октябрь куни Жаҳон банкининг Ўзбекистонда «Шошилинч тиббий ёрдам хизматларини такомиллаштириш» лойиҳаси иш бошлади. ЖБ Ижрочи директорлар кенгаши апрелда 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани тасдиқлаган эди, дея хабар қилди молия ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz"га.

Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида тегишли тайёргарликдан ўтган, зарурий жиҳозлар билан таъминланган ва фаолияти мувофиқлаштирилган тиббиёт ходимлари бахтсиз ҳодисаларда шикастланганларга, шунингдек шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган миллионлаб инсонларга малакали ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистондаги мавжуд шошилинч тиббий ёрдам тизими бутун республика туман ва вилоятларида ихтисослашган шошилинч тиббий ёрдам бригадалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун интеграциялашган ва компьютерлаштирилган диспечерлик хизматлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли чақириқлар юзасидан зудлик билан ҳаракат қилиш бўйича етарлича самарадорликка эга эмас, дейилади хабарда.

Шифохона ётқизишни талаб қилувчи беморлар томонидан чақирувлар сони ортмоқда — 2017 йилда мамлакат бўйлаб 103 рақамига 15,6 миллион кириш қўнғироқлари амалга оширилган бўлиб, улар бўйича 8,7 миллион кишига манзилга бориб хизмат кўрсатилган. 87 фоиз ҳолатда беморга тиббий ёрдам уйда кўрсатилган, 12 фоиз ҳолатда эса уларни шифохонага ётқизиш талаб қилинган, 1 фоизда чақирувлар ёлғон бўлиб чиққан.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳар 18,3 минг одамга бир дона тез тиббий ёрдам машинаси тўғри келади. Миллий меъёрлар ушбу кўрсаткич 13 минг одамга бир дона тиббий ёрдам машинаси бўлиши кераклигини талаб этади. Бундан ташқари, ҳозирда мавжуд бўлган тез тиббий ёрдам машиналари паркининг аксар қисми бирламчи шошилинч тиббий ёрдамни кўрсатиш талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Уларда беморни касалхонага етказгунга қадар ҳаётини сақлаб боришда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда тиббий ёрдам жиҳозларини сақлаш учун жой етарли эмас.

Амалдаги шошилинч тиббий ёрдам тизимида хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходими тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар ва бошқа материаллардан фойдаланишда имкониятлари чекланган. Йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги жароҳатларни, юрак қон-томир касалликлари ҳуружини ва шошилинч тиббий муолажага муҳтож шахслар ҳолатларини ташҳислаш ҳамда даволаш бўйича шифокорларнинг кўникма ва қобилиятларини ошириш керак.

Шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳанинг асосий бенефициарлари турли бахтсиз ҳодисада шикастланганлар, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлар, шунингдек акушерлик ёрдами зарур бўлган инсонлар бўлади. Бутун мамлакат бўйлаб жойлашган касалхоналар шошилинч тиббий ёрдам зарурати ҳолатларида самарали равишда жавоб бериши учун салоҳиятларини ошириш бўйича кўмак оладилар.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг барча 12 вилоятида, шунингдек пойтахтда интеграциялашган диспетчер марказлари ташкил этилиб, улар қўнғироқларни қабул қилиш, шошилинч тиббий ёрдам машиналари ҳаракатини мувофиқлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш учун жавоб беради.

Ушбу йўналишдаги фаолиятга кўпроқ ходимларни жалб қилиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги врачлар ва ҳамшираларнинг бошланғич тайёргарлик ўқувлари лойиҳа доирасида молиялаштирилади. Бундан ташқари, 60та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари харид қилинади ва республика шифохоналарига тақсимланади, шунингдек шошилинч тиббий ёрдамга, шошилинч акушерлик ва неонатал ёрдамга муҳтож бўлган беморларга ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган тиббий ускуна ва жиҳозлар ҳам сотиб олинади.

Жаҳон банкининг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш бўйича лойиҳалари раҳбари Эльвира Анадонунинг қайд этишича, лойиҳа ёрдамида яхшиланган шошилинч тиббий ёрдам тизими йилига 6 млн га яқин беморларга малакали ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади.