Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Фармонга мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинди:

улгуржи савдони амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш ва савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартиби;

акциз солиғи солинадиган товарларнинг айрим турларини (автомобиль, ўсимлик ёғи ва бошқалар) сотишдан тушадиган тушумларнинг ҳисобини юритишнинг махсус тартиби;

кўчма савдо учун рухсатнома ҳужжати олиш талаби;

давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар учун ички бозорда олдиндан маҳсулот ёки хизмат учун 15 фоиз тўловни олдиндан амалга амалга оширишга доир талаб;

айрим турдаги товарлар экспортига чеклов.