Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Санъат Умаров (1988 йилда туғилган, аввал судланмаган, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман ИИБда катта тезкор ходим бўлиб ишлаган) иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтмоқда, дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБда Санъат Умаров ва бошқалар ўғирликда гумон қилиб олиб келинган аёлни таҳқирлаб, ечинишга мажбурлаган. Умаров ушбу жараённи видеотасвирга олган ва кейинчалик у «Озодлик» радиоси томонидан эълон қилинган. Каттақўрғондаги ҳодиса ички ишлар органларида қатор «тозалаш"ларнинг амалга оширилишига сабаб бўлди — ёз охирига қадар ИИВ Ўзбекистон бўйлаб туман ва шаҳар ИИБларига 30 га яқин бошлиқлар тайинланганини маълум қилди.

Санъат Умаров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-модда 1-қисм (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 235-модда 2-қисм «а», «з» бандлари (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) ва 241−1-моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

19 октябрга мўлжалланган суд мажлиси жараёнида айблов хулосаси, судланувчи ҳамда жабрланувчи Н.Тошматова кўрсатмалари тингланган, гувоҳлар сўроқ қилинган эди.

Суд жараёни давом этмоқда, дея қайд этди Олий суд матбуот хизмати.

Октябрь ойи охирида Daryo интернет-нашри Каттақўрғонда ИИО ходими ҳаракатларидан жабрланган аёл ўғирлик содир этганликда гумон қилиниб қўлга олинганини маълум қилди. Оқдарё туман ИИБ томонидан тергов олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари бу ҳақда расмий изоҳ бергани йўқ.