Чилонзор тумани адлия бўлими томонидан жиноятларнинг олдини олиш, жиноят содир этган фуқароларни ушлаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида 2018 йил 5 сентябрь куни Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда Чилонзор тумани, 16-мавзеда жойлашган дўконлардаги якка тартибдаги тадбиркорлар билан суҳбат уюштирилди. Бу ҳақда Чилонзор туман адлия бўлими бошлиғи Жўрабек Махсудов «Газета.uz"га маълум қилди.

Суҳбат чоғида тадбиркорлар дўконларининг олд қисми ва фуқаролар қатнови йўлагида ёшлари тахминан 25−35 ёшдаги шубҳали аёл ва эркаклар томонидан «Трамадол» ҳамда «Лирика» психотроп гиёҳванд дори воситалари сотилаётгани, улар асосан куннинг кечки иккинчи ярми, яъни 18−22 ларда ўзларининг ноқонуний «савдо"сини бошлашларини маълум қилишди.

Заҳриқотил савдогарларининг бу ҳаракатларидан йўлдан ўтиб кетаётган фуқаролар, ёшлар, савдо ходимлари ва харидорларнинг осойишталиги бузилаётганлигини, шунингдек, бу ҳолат фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлигини, шу сабабли ушбу психотроп моддани сотаётганларга ҳамда истеъмол қилиб келаётган фуқароларга нисбатан қонуний чора кўриш, шунингдек, мазкур ҳудудга ички ишлар ходимлар бириктирилишини сўрашди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, «Трамадол» ва «Ланнахер» дори воситалари психотроп модда ҳисобланади. Тадбиркорлар билан суҳбат чоғидаги далиллар ўрганилиб, тезкор тадбирлар ўтказилди. Ҳақиқатан ҳам мазкур ҳудудда психотроп дори воситалари олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар ушланди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273- ва 276-моддалари билан 23 та жиноят иши очилиб, 28 нафар фуқарога нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.