Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон темир йўллари маъмуриятлари янги «Мозори Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли қурилиши бўйича молиявий консорциум ташкил этади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

3−4 декабрь куни Тошкентда беш давлат темир йўллари маъмуриятлари раҳбари учрашувида қўшма ишчи гуруҳи ва молиявий консорциумни ташкил этиш тўғрисидаги баённома тузилди.

Янги темир йўл Евроиттифоқ, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ҳамда Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғловчи транспорт коридорига айланади.

Қурилиши режалаштирилаётган темир йўл бўйлаб юқори вольтли «Сурхон — Пули-Хумрон — Доши — Сурабай — Жалолобод — Пешовор» электр энергияси линиясини бунёд этиш мўлжалланган. Бу янги магистрални электрлаштиришга имкон беради, дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари 2017 йил декабрда Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Тошкентга ташрифи чоғида «Мозори Шариф-Шибирғон-Маймана-Ҳирот» темир йўлини барпо этиш бўйича битимни имзолаган эди. Темир йўл масофаси 760 км ни ташкил этади.