17 декабрь куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2018 йил бошидан буён уч миллионинчи йўловчисини рўйхатдан ўтказди, дея хабар қилди компания матбуот хизмати «Газета.uz"га. Авиакомпания илк бор уч миллионлик кўрсаткични қайд этди.
HY334 Дубай-Тошкент қатновига рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароси Искандар Фозилов юбилей йўловчи бўлди.
Искандар Фозиловга унинг махсус йўловчи экани Дубай шаҳри аэропортида рўйхатдан ўтаётган вақтида маълум қилиниб, Boeing-787 самолёт бортида ҳам экипаж аъзолари номидан алоҳида табриклар эълон қилинди.
Уч миллионинчи йўловчи Тошкент халқаро аэропортида авиакомпания вакиллари томонидан тантанали равишда кутиб олинди.
Искандар Фозиловга эсдалик совғалари, жумладан, Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолётининг махсус макети ва исталган йўналишга авиачипта сертификати тақдим этилди.
МАК йил сўнгига қадар уч миллион йўловчини ташишни режалаштирган эди. Бу 2017 йилга нисбатан 16 фоиз кўпроқ демакдир.