Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан:
конлар ва истиқболли майдонлар жойлашган ер участкаларини беришда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ижобий хулосаси олинади;
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия асосида фойдаланувчининг мурожаатига кўра ер участкалари ўн кундан ошмаган муддатда очиқ савдоларсиз, тўғридан-тўғри, лицензиянинг амал қилиш муддатига берилади;
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш узлуксиз икки йил бажарилмаганда қазилма заҳираларининг ўзлаштирилмаган қисми давлатга қайтарилади.
2019 йил 1 июлдан бюджет ҳисобидан аниқланган фойдали қазилма конлари, 2020 йил 1 январдан барча норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари учун лицензия Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан «E-IJRO AUKSION» орқали 20 кундан ошмаган муддатда берилади.
Қарорга кўра табиий пардозбоп тошларни (мармар, гранит, травертин ва оҳактош) қазиб олиш ва улардан фойдаланиш учун лицензияга эга бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар 2022 йил 1 январга қадар:
ўз эҳтиёжлари учун четдан олиб кириладиган махсус техника ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинди;
табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш, илов бериш, қайта ишлаш бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи икки баробарга камайтирилди.
2019 йил 1 мартгача табиий прдозбоп тошларнинг миллий бренди ва каталоги яратилади ҳамда уларнинг тақдимоти ўтказилади.
Шунингдек, Жиззах вилояти Фориш туманини Навоий вилояти Нурота тумани билан боғловчи темир йўлни қуриш ўрганиб чиқилади.
Бундан ташқари, қарор билан Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.