Ўзбекистон президенти Ҳиндистондаги Халқаро инвестиция саммитида иштирок этади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов чоршанба куни Халқаро пресс-клуб мажлисида маълум қилди.
ТИВ расмий вакилининг «Газета.uz» мухбирига берган маълумотига кўра, саммит 18−20 январь кунлари Гужарот штатида бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев 18 январь куни амалий ташриф билан боради, чунки бизнес-форумнинг асосий тадбирлари ўша куни бўлиб ўтади. Унга давлатлар, халқаро жамғармалар ва йирик компаниялар раҳбарлари таклиф қилинган.
21−23 январь кунлари Ўзбекистон президенти Германияга расмий ташриф билан боради, дея қўшимча қилди Илҳом Неъматов.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ташриф жараёнида Германия компанияларини Ўзбекистонда газ-кимё мажмуалари ташкил этилишига жалб қилиш масалалари муҳокама этилишини таъкидлаб ўтди.