«Халқ сўзи» мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил Жўрабеков билан суҳбатлашди. Унда Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгизнинг қуриган қисмида ўрмон барпо этиш ишларининг аҳамияти, шунингдек, Орол денгизи билан юз берган ҳодисанинг сабаблари ва сабоқлари тўғрисида сўз борди.
«Тўғри, илгари Орол муаммосини ҳал этиш билан шуғулланилмаган, дея олмаймиз. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам, халқаро миқёсда ҳам, масалан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси томонидан турли чора-тадбирлар кўрилган. Назаримда, Оролбўйидаги вазиятни ўнглаш билан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, аниқ ва комплекс тарзда шуғуллана бошладик. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини Орол фожиаси оқибатларини енгиш учун фаол бирлаштиришга чақирди ҳамда ундан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган махсус БМТ Дастурини тўлиқ ҳажмда рўёбга чиқаришга даъват этди.
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон етакчисининг ташаббусига қўшилди. Мисол учун, БМТ ҳузурида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди. Унга турли мамлакатлардаги донорлардан ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган лойиҳалар рўёби учун маблағ келиб туша бошлади.
Орол фожиасининг салбий оқибатларига қарши курашда бошқа давлатларнинг кўмаги жуда муҳим. Мазкур кенг кўламли ишга Ўзбекистоннинг ўзи бош бўлиши керак. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ушбу йўналишда қатор йирик лойиҳалар фаол амалга ошириляпти. Масалан, Оролнинг қуриган қисмида саксовул экишга алоҳида эътибор бериляпти. Маълумотларга кўра, мустақиллик йилларида Оролбўйида саксовулзорлар 400 гектардан ортиқ майдонни ташкил этган. Аммо ҳамма кўчатлар ҳам тутиб, ўсиб кетмаган.
Давлатимиз раҳбари томонидан 500 минг гектар ерга кўчат экиш топшириғи берилди. Шу кунларда оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз кўриб-кузатиб турганимиздек, Орол туби бўйлаб ўнлаб ҳайдов ва чопиқ тракторлари ариқ тортмоқда. Улар республикамизнинг барча вилоятларидан шу ерга жалб этилган. Тортилган ариқларга 50 сантиметр чуқурликда саксовул экиляпти, яъни барча агротехника қоидаларига риоя қилинмоқда. Бу эса бир неча йилдан сўнг Оролқум ўрнида миллионлаб дарахтлар ўсиши, қум бўронини тўсиб қолишга қодир бўлган ҳақиқий чўл ўрмони — саксовулзор юзага келишига ишонч уйғотмоқда.
Мамлакатимизда Оролбўйида турмуш шароитларини яхшилаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Мўйноқ туманида барча талабларга жавоб берувчи замонавий тураржойлар барпо этилади, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар қурилиб, зарур инфратузилма яратилади. Бугунги кунда ўша ерга ҳар сафар борганимда, катта ўзгаришларга гувоҳ бўляпман", — деди Исмоил Жўрабеков.