Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни «Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

«Мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш соҳасидаги илғор тажриба таҳлили ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг кооперациясини ривожлантиришни самарали рағбатлантириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Қарор билан ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмаларида ихтиёрий ва пай асосида иштирок этиш тамойилларида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши институти жорий этилмоқда.

2019−2020 йилларда тажриба-синов тариқасида мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотиш бўйича биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилади.

2020 йил 1 декабрга қадар қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг кооперацион бирлашуви институтини республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари қишлоқ хўжалиги бирлашмалари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди ҳамда агар таъсис ҳужжатларида бошқача ҳолатлар белгиланмаган бўлса, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолияти билан боғлиқ бўлган зарар кўриш хатарини ўзлари киритган бадаллар (пайлар) қиймати доирасида зиммасига олади.

1 мартдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларни кейинчалик алмаштириш тўғрисидаги қарорни мустақил равишда қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва улар аъзоларининг 2019−2020 йилларда кўчатлар ва сертификатланган уруғларни ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган, валютада бериладиган кредитлар бўйича 1,5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган миқдорда қопланади.

Қишлоқ хўжалиги бирлашмаларидан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олувчи экспортёрларнинг ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи субсидиялар тақдим этиш орқали қопланади.