Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг жароҳатланиши ва ҳалок бўлишига олиб келган автобус аварияси тафсилотларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.
Фавқулодда вазиятлар, ташқи ишлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар вакилларидан таркиб топган комиссия аъзолари қўшни мамлакатдаги ҳодиса жойига борди. Аввалроқ у ерга Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходимлари отланган эди.
Ҳукумат комиссиясига Қозоғистон томони билан ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамда жароҳатланганларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда уларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш вазифалари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни 5:09 да «Чимкент-Олма Ота» трассасининг 181- километрида 49 йўловчиси бўлган автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди.
11 киши, жумладан уч нафар Ўзбекистон фуқароси: Абдуҳолиқов Ўринбой Мирҳамид ўғли (4.11.1993 й. т., Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидан), Ермекбаева Дилором Абдукаликовна (22.12.1972, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидан) ва Калмуратов Алишер Сафарбаевич (3.12.1988, Қорақалпоғистон Республикасидан) ҳаётдан кўз юмди.
32 киши, жумладан 13 ўзбекистонлик турли даражада тан жароҳатлари олди, уларнинг уч нафарининг аҳволи оғир. Жабрланганлар Кордай тумани шифохонасига ётқизилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари барча зарур ҳаракатларни биргаликда амалга оширмоқда, дейилади хабарда.