Oзарбайжоннинг Боку шаҳрида паралимпия дзюдоси бўйича Гран-при туркумига кирувчи турнир якунланди. Дунёнинг 35 давлатидан 212 нафар пара дзюдочи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли қатнашди. Бу ҳақда Olamsport.com хабар берди.
Иккинчи кунги баҳсларда 4 дзюдочи татамига чиққан бўлса, улардан 3 нафари совриндорлар сафидан жой олди. Эркаклар ўртасидаги +100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда татамига чиққан Ширин Шарипов барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасида -63 кг вазндаги беллашувларда ўз маҳоратини намойиш этган Нафиса Шерипбоева ҳам шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. -70 кг вазн тоифасидаги Васила Алибоева эса бронза медали билан тақдирланди. -100 кг вазнда иштирок этган Лондон-2012 паралимпия ўйинлари кумуш медали совриндори Шариф Ҳалилов илк учрашувдаёқ озарбайжонлик Канан Абдуллаханлига ютқазиб қўйди.
Шу тариқа, 4 та олтин, 4 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси 35 давлат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Мезбонлар Озарбайжон терма жамоаси 3 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза медали билан иккинчи ўринни банд этишди. Кучли учликка 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан Украина дзюдочилари якун ясашди.
Ўзбекистонлик дзюдочиларнинг сўнгги кун натижалари:
+100 кг вазн тоифаси
1. Ширин Шарипов (Ўзбекистон)
2. Муҳаммадризо Хейроллаҳзода (Эрон)
3. Реваз Чикоидзе (Грузия)
3. Кенто Масаки (Япония)
-63 кг вазн тоифаси
1. Нафиса Шерипбоева (Ўзбекистон)
2. Ольга Позднишева (Россия)
3. Ханим Хусейнова (Озарбайжон)
3. Ю Е Ванг (Хитой)
-70 кг вазн тоифаси
1. Фабиола Рувалкаба Альварес (Мексика)
2. Алана Мартинс (Бразилия)
3. Васила Алибоева (Ўзбекистон)
3. Ольга Забродская (Россия)