Иш ҳолатларига кўра, судланувчи С. Очилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари бир неча маротаба фирибгарлик жинояти учун судланган бўлишига қарамасдан 2018 йилнинг март ойида алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод Мамиров «Газета.uz"га маълум қилди.

У қўшниси Т. Қосимова билан учрашиб, унинг ишончига кириб, танишлари орқали арзон нархда янги телевизор, музлатгич ва кир ювиш машиналарини олиб беришни ваъда қилиб, Т. Қосимованинг 15 миллион сўм миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Бундан ташқари, судланувчи 2018 йилнинг апрель ойида жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фуқаро Т. Қосимованинг ишончига кириб, унинг пулларини кўлга киритиш мақсадида, гўёки онаси касал бўлиб қолганлигини рўкач қилиб, ундан дори дармон учун 9 миллион сўм пулни олган. Ушбу маблағни кейинчалик банк орқали АҚШ доллари қилиб қайтариб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан Т. Қосимованинг жами 24 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжларига ишлатган.

Суд мажлисида судланувчи С. Очилова айбига тўлиқ иқрор бўлиб, зарарни тўлиқ қоплаб берганлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, унга қонун доирасида ёрдам беришини сўраган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 5-қисмида, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.

Суд С. Очиловага жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг содир қилган жиноятини ижтимоий хавфлилигини муҳокама қилиб, унинг айбига иқрорлигини ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилганлиги, доимий иш жойига эга эканлигини, оилавий шароитини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топди ва унга ЖКнинг 60-моддаси тартибида, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ҳукмига асосан ўталмай қолган 7 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил — кесил 2 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.