Май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллар) сайлови энг шаффоф, эркин ва демократик тарзда ўтаётгани айтилмоқда. Мақола муаллифи Тошкентнинг Миробод туманидаги «Баёт» маҳалласида сайлов қандай ўтгани тўғрисидаги маълумотларни тўплашга ҳаракат қилди.
1980-йилларда «Баёт» маҳалласига (собиқ «Матонат») оммавий равишда кўзи ожизлар оилалари кўчиб келишни бошлади. Ушбу маҳалла шаҳар марказидан энг узоқдаги маҳаллалардан бири бўлиб, «Қўйлиқ» бозори яқинида жойлашган. 1970-йиллар охирида Кўзи ожизлар жамияти маблағлари ҳисобидан бу ерда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган одамлар доимий яшаши учун махсус тўққизта тўрт қаватли уй қурилди. Кўришда нуқсони бўлган одамлар учун қулайлик яратиш мақсадида бу ерда кўр ва заиф кўрувчи одамлар учун мўлжалланган чўтка ва картон ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда уларнинг фарзандлари учун болалар боғчаси қурилди.
«Баёт» маҳалласи аҳолисига нисбатан «кўзи ожизлар маҳалласи» атамаси қўлланилади, чунки бу ерда истиқомат қилаётган 1300 нафардан зиёд кишининг 160 нафарини кўришда нуқсони бўлганлар ташкил этади. Кўзи ожизлар маҳалла аҳолисининг катта қисмини ташкил этгани муносабати билан одамлар ҳар доим фуқаролар йиғинидаги вазият ва муаммолардан бевосита хабардор бўлган кўрмайдиган ёки яхши кўрмайдиган одамни оқсоқол сифатида танлаб келган.
16 май куни бўлиб ўтган оқсоқол сайловида эса маҳалла тарихида биринчи марта кўриш бўйича ногиронлиги бўлмаган киши сайланди. Муаллиф билан суҳбатлашган маҳалланинг кўзи ожиз аҳолисининг кўпчилиги сайловда янги таҳрирдаги «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонуннинг бир қатор талаблари бузилганини таъкидлади.
Маҳалладан илгари сурилган номзодлар туман ҳокимияти томонидан рад этилди
Апрель бошида «Баёт» маҳалласининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи раис (оқсоқол) лавозимига тўрт нафар номзодни илгари сурди. Кейинчалик номзодлардан бири сайловда иштирок этишдан воз кечди ва уч нафар номзод сайловга 10 кун қолганда Миробод тумани ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга тақдим этилди. Уч номзоддан икки нафари кўриш бўйича ногиронликка эга эди.
Кўриш бўйича иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Ёдгор Ражаметов «Баёт» маҳалласида туғилиб-ўсган, олий маълумотли, мутахассислиги — иқтисодчи. Ёш бўлишига қарамасдан (30 ёш), Ёдгор Ражаметов сайловга пухта тайёргарлик кўрди ва маҳалла ҳаётини яхшилаш бўйича саккиз банддан иборат сайловолди дастурини тайёрлади. Шу муносабат билан фуқаролар йиғинининг кўплаб фуқаролари унга ишонч билдирди ва оқсоқол лавозимига унинг номзодини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, 2011 йилдан маҳалла оқсоқоли лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган кўриш бўйича биринчи гуруҳ ногиронлигига эга Ҳасан Аҳмедов (1958 й. т.) ҳам ўз номзодини илгари сурди.
Зуҳра Камолхўжаева ҳам номзодлар рўйхатидан жой олди. Барча номзодлар туман ҳокими билан тегишли суҳбатдан ўтди. Бироқ сайловга икки кун қолганида маҳалла аҳолиси ҳеч қандай сабабларсиз икки номзод оқсоқол лавозимига номзодлар рўйхатида йўқ эканини билди. Рўйтатда фақатгина Зуҳра Камолхўжаеванинг номзоди қолган эди.
Муаллиф ҳокимиятга тақдим этилган Ёдгор Ражаметов ва Ҳасан Аҳмедовнинг номзоди қандай қилиб сайлов олдидан рўйхатдан тушиб қолдирилганини аниқлашга ҳаракат қилди. Юқорида тилга олинган қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, туман ҳокими номзодлар ҳужжатини кўриб чиқади ва кейинчалик ишчи гуруҳига тақдим этиш учун номзодлар бўйича асосланган хулосасини тегишли комиссияга топширади. «Баёт» маҳалласи сайлов комиссияси раиси Феруза Юнусова бундай маълумотга эга эмаслигини маълум қилиб, ишчи гуруҳи билан боғланиш ва Миробод туман ҳокимиятига мурожаат қилишни сўради.
Ҳокимият томонидан келишилмаган ҳар икки номзод — Ёдгор Ражаметов ва Ҳасан Аҳмедов туман ҳокимидан уларнинг номзоди нима сабабдан рад этилгани тўғрисида асосланган хулоса олмаган. Маҳалла фуқароларининг тахминига кўра, Ёдгор Ражаметовнинг номзоди унинг ёш бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ 61 ёшдаги Ҳасан Аҳмедов номзоди ҳам сайловга қўйилмаган. Бошқа тахминларга кўра, ҳар икки номзодда кўриш билан боғлиқ ногиронлик бўлгани учун рўйхатга киритилмаган.
13 май куни маҳалла фуқаролари кутилмаганда аввал маҳалла ишчи гуруҳи томонидан илгари сурилмаган Нилуфар Машрапованинг номзоди ҳокимият томонидан таклиф этилганини билди. Кўриш бўйича ногиронлиги бўлмаган Нилуфар Машрапова маҳаллада 2011 йилдан 2019 йил 15 апрелга қадар маслаҳатчи сифатида ишлаган ва ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган. Ўз номини ошкор қилишни истамаган «Баёт» маҳалласи фуқароларидан бирининг тахмин қилишича, Нилуфар Машрапова ҳокимиятнинг босими остида юқоридан топширилган ўзининг сайловда иштирок этиши тўғрисидаги қарорга қарши чиқа олмаган.
Ошкоралик ва муқобиллик тамойилларига риоя этилмади
Қонунга кўра, туман ҳокими ҳулосаси олинганидан сўнг ишчи гуруҳи сайловдан энг камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биноси ва гузарларга келишилган номзодлар тўғрисидаги маълумотларни илиб қўйиши лозим.
«Баёт» маҳалла фуқаролар йиғини биносидаги «Номзодлар» стенди, 2019 йил 17 май. Муаллиф фотоси.
Қонуннинг 5-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши расмий веб-сайтига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилиши лозим.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, «Баёт» маҳалласи биносига фақатгина бир номзод — Зуҳра Камолхўжаева ҳақидаги маълумот илиб қўйилган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши расмий веб-сайтига ҳам фақатгина шу номзод тўғрисидаги маълумот киритилган.
Toshkent.mahallakengashi.uz сайтида Тошкентнинг Миробод туман маҳалла фуқаролар йиғинларига номзодлар тўғрисидаги маълумот жойлаштирилган саҳифадан скриншот (2019 йил 20 май ҳолатига кўра).
Сайтдан «Баёт» маҳалласидан ишчи гуруҳ томонидан сайловгача жами қанча номзод илгари сурилгани, қанча номзод келишилгани ва сайловга рухсат берилгани, кимнинг номзоди қандай сабабларга кўра рад этилганини билиш имконсиз. Бундай талаблар, шунингдек, номзодлар қандай йўл билан ва қайси орган томонидан чиқариб ташланиши ҳамда жамоатчиликка ахборот бериш учун мазкур жараён вебсайтда қандай акс эттирилиши кабилар ҳам қонунда кўрсатилмаган.
Муқобиллик тамойилиги кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилиши лозим (6-модда). «Баёт» маҳалласи раиси сайловида икки номзод — Н. Машрапова ва З. Камолхўжаева иштирок этганига қарамасдан, маҳалла аҳолисига кўриш бўйича ногиронлиги бўлган ўз номзодларини муқобил танлаш имконияти тақдим этилмаган. Шу муносабат билан 14 май куни, баённомага кўра, сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга 41 нафар вакил ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида сайлов комиссиясининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилиб, Миробод туман ҳокимиятидан Ё. Ражаметов ва Ҳ. Аҳмедов номзодларини сайлов бюллетенига киритиш талаб қилинди.
Миробод туманига мурожаатдан ташқари, маҳалланинг бир неча фуқароси Тошкент прокурорига расмий ариза билан мурожаат қилди. Аризада улар оқсоқол сайловини қабул қилинган қонунчилик асосида ҳамда адолатлилик ва очиқлик тамойилларига риоя этилган ҳолда ўтказилишида кўмак кўрсатиш сўралди. Маҳалла фаоллари, шунингдек, Ўзбекистон президентининг Тошкентдаги халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилиб, маҳалла фуқароларининг эркин сайлаш ҳуқуқлари тикланишини сўради.
Раис сайловини ўтказиш вақтидаги қонунбузарликлар
Фуқароларнинг сўзларига кўра, улар номзодларининг сайловда иштирок этишига йўл қўйилмаслиги билан бир қаторда, сайловни ўтказиш тартиблари ва жараёнида ҳам қўпол қонунбузарликларга йўл қўйилди. Маҳалла сайлов комиссиясининг навбатдан ташқари мажлиси баённомасида кўрсатилган талабларга қарамасдан, 15 май куни эрталаб Миробод туман ҳокимияти вакиллари уй раҳбарлари билан биргаликда уларнинг номзодлари киритилмаган бюллетенларни тарқатишни бошлаган. Ҳокимият томонидан тақдим этилган талабларнинг эътиборсиз қолдирилиши ҳамда кўришда нуқсони бўлган икки номзоднинг рад этилиши бўйича ҳеч қандай расмий асослар йўқлиги боис сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга кўплаб фуқаролар ҳатто бюллетенларни олишдан ва бу каби «сайловлар"да қатнашишдан воз кечди.
Қонун бўйича фуқаролар йиғини раиси сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. «Баёт» маҳалласида овоз бериш ҳуқуқига эга бундай вакиллар сони 67 кишини — жами фуқароларнинг 12 фоиздан камроғини ташкил этади. Яъни, сайлов бўлиб ўтган деб топилиши учун унда энг камида фуқаролар йиғинининг 45 нафар вакили иштирок этган бўлиши лозим эди. Бироқ кўпчилик вакилларда сайловда иштирок этиш хоҳиши бўлмагани сабабли, маҳалла фаолларининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, 16 май куни сайловда 15 нафар вакил қатнашган.
«Баёт» маҳалласи фуқароларининг хабар қилишича, сайлов куни маҳалла вакиллари иштирокини ошириш мақсадида хизмат либосида бўлган ички ишлар органлари ходимлари уйма-уй юриб, вакилларни хизмат машинасида сайлов ўтказиладиган жойга олиб борган. Шунингдек, фуқароларнинг сўзларига кўра, ҳокимият вакиллари рад этилган Ё. Ражаметов ва Ҳ. Аҳмедов номзоди ҳам сайловга қўйилгани тўғрисидаги ёлғон маълумотларни тарқатган.
«Баёт» маҳалласи гузарида сайловни ўтказиш учун барча шароитлар бор. Бунга қадар барча Олий Мажлис депутатлари сайловлари, шунингдек 2016 йилда президент сайлови ўтказилган 70 кишилик зал мавжуд. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш сайтидаги З. Камолхўжаева тўғрисидаги маълумотлар бўлимида ҳам сайлов ўтказиш вақти ва жойига: 16 май, соат 16:00, «Баёт» маҳалласи гузари (Бадахшон кўчаси, 22-уй) деб кўрсатилган.
Бироқ сайлов ўтишига яқин қолганда сайловнинг қўшни «Парвона» маҳалласидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтиши эълон қилинди. Сайлов куни эса овоз бериш жойи яна бир марта ўзгарди — «Баротхўжа» маҳалласидаги Маданият уйи. Гувоҳларнинг маълум қилишича, 16 май куни «Баротхўжа» маҳалласи Маданият уйи биносига «Баёт» маҳалласи вакиллари билан биргаликда сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ўқитувчилар ва бошқа шахслар таклиф этилган.
Кўриш бўйича ногиронлик — оқсоқол лавозимига номзод учун тўсиқ эмас
Мадомики Ёдгор Ражаметов ва Ҳасан Аҳмедов номзодларининг рад этилиши юзасидан расмий сабаблар йўқ экан, уларнинг номзодлари кўриш бўйича ногиронлиги бўлгани учун тасдиқланмади, деган деган хулосага келиш мумкин. Аслида эса, қонуннинг 7-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлашда фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир. Бунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирор-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.
Қўриш, эшитиш ёки организмининг бошқа аъзолари билан боғлиқ жисмоний муаммолар кишининг оқсоқол сайловида қатнашишига йўл қўйилмаслиги учун асос бўлиб хизмат қилмайди. Кўриш бўйича ногиронлик, ақлий ёки руҳий касалликлардан фарқли равишда, лаёқатсизликни ўз ичига олмайди. Кўрмайдиган ёки заиф кўрувчи одамлар сайлаш ва сайланиш бўйича тенг ҳуқуқларга эга.
«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
«Баёт» маҳалласида оқсоқол сайлаш тартиблари ва жараёнидаги қонунбузарликлар, маҳалла фуқаролари билан жойида ўрганиш вақтида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олиб, сайлов жараёнининг қонун талабларига мувофиқлиги пухта текширувдан ўтказилиши лозим.
Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ногиронлиги бўлган шахслар жуда кам иштирок этади. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар тоифасига мансуб бўлган ҳамда Ўзбекистонда парламент даражасида ногиронлиги бўлган шахслар масалалари ва муаммоларини фаол равишда кўтариб чиқувчи бирорта ҳам Олий Мажлис депутатини тилга олишнинг имкони йўқ. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштироки чекланган шароитда бундай одамларнинг ҳеч бўлмаса ўзини ўзи бошқариш органлари даражасидаги сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этиш мумкин эмас.
2009 йилда Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолади. Бироқ ҳамон уни ратификация қилгани йўқ. Конвенциянинг 29-моддаси иштирокчи давлатларга ногиронлиги бўлган шахсларга бошқалар билан баробар сиёсий ва ижтимоий ҳаётда тўғридан-тўғри ёки эркин танланган вакиллари орқали самарали ва ҳар томонлама иштирок этиш, уларнинг овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқи ва имкониятини кафолатлаш мажбуриятини юклайди. Давлат ногиронлигига асосланиб камситмаган ҳолда уларнинг давлат ишларидаги иштирокини кенгайтириши ва шароитлар яратиши лозим.
Амалда эса «Баёт» маҳалласи мисолида буларнинг акси содир бўлганини кўриш мумкин. Агарда ногиронлиги бўлган шахсларнинг маҳалла институтига ишончи тўлиқ йўқолса, бу президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ва инклюзив ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлари ва фаол олиб бораётган сиёсатига қарши бориш ҳисобланади.
Муаллиф изоҳ олиш учун фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ билан боғлана олмади.
Муллиф фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.
Сассекс университети (Буюк Британия) Ривожланиш муаммоларини ўрганиш институти докторанти, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.