«Медуза» махсус мухбири Иван Голуновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилди, дея хабар қилди Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев.
Нашрнинг қайд этишича, иш биологик, криминалистик, дактилоскопик ва генетик экспертизалар якунлари бўйича айб исбот қилинмагани сабабли тўхтатилди. Иван Голунов сешанба кунининг охирига қадар уй қамоғидан озод қилинади, деди вазир 11 июнь куни.
«Фуқарони қўлга олган полиция ходимларининг ҳаракатлари қонунийлигини баҳолаш учун ички тергов материаллари РФ ИИВ шахсий хавфсизлик бўлинмаларидан Россия Федерацияси Тергов қўмитасига тақдим этилди. Текширувлар давомида улар хизмат мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилади», — деди вазир.
Иван Голунов 6 июнь куни наркотиклар савдосида гумонланиб қўлга олинган эди. Иван Голунов наркотиклар унга ташлаб қўйилганини маълум қилди. Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида журналистни қўллаб-қувватлаб намойишлар бўлиб ўтди.