Президент томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та ташаббус доирасида Юнусобод туманидаги 257-мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, 29 июнь куни Юнусобод туманида жойлашган 257-умумтаълим мактабида мазкур ташаббусларни таълим муассасаларида амалиётга жорий этишга қаратилган оммавий тадбир ўтказилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Юнусобод тумани ҳокимлиги ва туман прокуратураси томонидан ташкил этилган маросимда 500 нафардан ортиқ туман ёшлари иштирок этди.

Шу ҳудудда яшовчи 7000 нафарга яқин ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида мактабнинг спорт зали, стадиони, баскетбол, волейбол, бадминтон майдончалари, шахмат ва шашка хоналари Юнусобод тумани прокуратураси томонидан замонавий тарзда қайта таъмирланиб, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан барча зарур спорт инвентарлари билан жиҳозлаб берилди.

Маросим давомида мактабнинг стадионида ўқувчи-ёшлар томонидан баскетбол, волейбол, футбол, бадминтон, шахмат ва шашка бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди.