Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит хизмати 2018 йилда мактабгача таълим ташкилотларига (МТТ) 1059 нафар боланинг ноқонуний жойлаштирилганини аниқлади. 2019 йилнинг биринчи чорагида эса бу кўрсаткич 373 тани ташкил этиб, жумладан 3 ёшга тўлмаган болалар ҳам қабул қилинган, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.
МТТларга болаларнинг ноқонуний жойлаштирилиши жойларнинг етишмаслигини келтириб чиқармоқда. Айни пайтда вазирлик янги МТТларни очиш ва мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш устида ишламоқда.
«Ҳозирча ушбу муаммо тўлиқ ҳал этилмаган, биз ота-оналардан ўз болаларининг хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишни сўраган бўлар эдик, — деди МТВ ички аудит, молия ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматов. — Тушунинг, МТТ маъмурияти ва педагоглари расмийлаштирилмаган тарбияланувчилар учун жавобгарликни зиммасига олмайди».
У МТВ аудиторлари қишда совуқ заллар ва омборхоналар, ҳовлидаги айвончалардан ҳисобга олинмаган болалар мавжудлигини аниқлаганини маълум қилди. Баъзида текширувчи келгани сабабли шошилинч равишда гуруҳлардан чиқарилган болаларнинг устларида иссиқ кийим бўлмайди.
Ҳисобга олинмаган болалар қурилиши битмаган биноларга ҳам яширилган. Жумладан, Самарқанддаги 58-МТТни текширган аудиторлар мактабгача таълим муассасаси яқинидаги қурилаётган бино ичидан 60 нафар болани аниқлаган.
МТТга болаларни ноқонуний жойлаштириш қолган тарбияланувчиларни парваришлаш шароитларини ҳам ёмонлаштиради, деб ҳисоблайди вазирлик.
«Ошхона ишчилари расмий гуруҳлар сонидан келиб чиқиб маҳсулотлар олади. Ҳар бир болага… муайян миқдордаги гўшт, ёрма, сут ажратилади. Маъжозий маънода айтганда, маҳсулотлар 30 тарбияланувчига ажратилади, тайёр овқат эса 35 болага тақсимланади. Натижада гуруҳдаги барча болалар ривожланиши учун зарур озуқавий моддаларни етарлича ололмайди», — дея қўшимча қилди Дилшод Норматов.
Вазирликнинг қайд этишича, расмийлаштирилган болалар учун тўловлар МТТ мудираси қўлига тушиб, мамлакатдаги коррупцион омилни кучайтиради.
МТТларда ҳисобга олинмаган болалар масаласини ҳал этиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларида ўринлар сонини ошириш устида иш олиб борилмоқда.
2019 йилнинг I чорагида Ўзбекистонда 8000 та МТТ фаолият кўрсатмоқда. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш миқёси 2017 йилдаги 27,7 фоиз ўрнига 38,1 фоизга ўсди.