2019 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Қарорга кўра:
суғурталовчиларнинг устав капитали минимал миқдорлари 2020−2022 йилларда босқичма-босқич оширилади;
даромадларнинг 20 фоизигача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50 фоизигача оширилади;
суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни («Е-полис») расмийлаштириш механизми жорий этилади.
2020 йил 1 январдан:
юридик шахслар — суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади;
суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди;
суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.
Жисмоний шахслар даромадларининг ҳаётни суғурталаш бўйича суғурта мукофотларини тўлаш учун йўналтириладиган қисми юзасидан солиқ имтиёзлари қуйидаги шартларда қўлланилади:
суғурта суммаси шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бир йўла тўланганда;
рента тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан камида 12 ойдан сўнг бошланганда;
рентани тўлаш шартнома бўйича суғурта даври бошланиши санасидан 12 ой ўтмасдан бошланганда.
2020/2021 ўқув йилидан олий таълим муассасаларининг «Суғурта иши» таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки бўлимларга тест синовлари ўтказилмасдан, белгиланган қабул квоталаридан ташқари пулли-контракт асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.