5 август куни Давлат божхона қўмитаси Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Яллама» чегара-божхона постига туташ ҳудудда ўтказилган тезкор тадбир давомида жисмоний шахслар ва божхона ходимларидан иборат жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳ аъзолари юк автотранспорт воситаларини мазкур пост орқали навбатсиз ва тезлаштирган ҳолда ўтказишни ваъда қилиб, автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва тадбиркорлардан тамагирлик йўли билан пора олиб келишган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан 5 август куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси республикамиз чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва ташувчиларни пост орқали навбатсиз ва тезкорлик билан ўтказишни ваъда қилувчи фирибгарларнинг алдовларига ишонмасликларини сўраб қолади.

Жиноят ишининг тергов натижалари ҳақида қўшимча маълумот бериб борилади.

Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 27 майдаги фармони ижроси доирасида Давлат божхона қўмитаси томонидан тизимда коррупцияга қарши самарали ва муросасиз кураш олиб борилмоқда, дейилади хабарда.